15:47 | 26.12.22

                       

Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга газ етазиб беришни муҳокама қилаётгани маълум бўлди

Шунингдек, мамлакат Озарбайжонга газ сотиш ҳажмини оширган

Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонда газ истеъмоли ортгани фонида ушбу мамлакатлар ички бозорига уни етказиб беришни муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Россия бош вазири ўринбосари Александр Новакка таяниб, «ТАСС» хабар берди.

«Қозоғистон ва Ўзбекистондаги шерикларимиз билан истеъмол ортгани боис уларнинг ички бозорига газ етказиб беришни оширишни муҳокама қиляпмиз», — деган Новак.

Бундан ташқари, унинг айтишича, Россия Озарбайжонга ички истеъмоли учун газ етказиб бериш бўйича келишувга эришган, келажакда эса алмашиш схемаси орқали етказиб беришлар йўлга қўйилиши мумкин.

«Озарбайжонда газ тақчиллиги борлиги сабаб етказиб беришни ошириш бўйича келишувимиз бор. Келажакда улар қазиб олишни оширса, алмашиш схемасини ҳам муҳокама қилишимиз мумкин бўлади», — дейди бош вазир ўринбосари.

«Газпром» 15 ноябрдан Озарбайжонга янги битим бўйича газ етказишни бошлаган. Унга кўра, мамлакатга 2023 йил мартга қадар 1 миллиард метр куб газ сотилади. Шунингдек, Новакнинг айтишича, Россиядан Хитойга сотиладиган газ йилига 100 миллиард кубга етиши мумкин.

Аввалроқ Қозоғистон президенти Тўқаев Қозоғистон Россия ва Ўзбекистон билан газ иттифоқини кўриб чиқишга тайёрлиги, шунингдек, Россия президенти матбуот котиби Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида уч томонлама иттифоқ тузиш ғоясига изоҳ бергани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: