13:11 | 16.01.23

                       

Сирдарёдаги икки қаватли уйда газ портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлди

Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги 2 қаватли бинонинг 1-қаватида содир бўлган газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида 2 та хонадоннинг қурилиш конструкцияларига шикаст етган. Ҳодиса оқибатида икки нафар фуқаро вафот этган, бир нафар фуқаро тан жароҳати олиб, шифохонага жойлаштирилган

Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги уйда газ портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, 15 январь куни соат 14:50 да Ховос тумани «Қаҳрамон» МФЙда жойлашган 2 қаватли бинонинг 1-қаватида содир бўлган газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида 2 та хонадоннинг қурилиш конструкцияларига шикаст етган.

Воқеа жойига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин-қутқарув отряди зудлик билан етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини олиб борган. Афсуски, ушбу ҳодиса оқибатида икки нафар фуқаро вафот этган, бир нафар фуқаро тан жароҳати олиб, шифохонага жойлаштирилган.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Ҳолат ҳақида хабар топган вилоят ҳокими ҳамда тегишли масъуллар ҳам воқеа жойига етиб борди ва вазият тўлиқ назоратга олинди. Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Аввалроқ Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида газ чақнаши оқибатида портлаш содир бўлгани, Фарғонадаги уйда газ портлаши оқибатида бир киши ҳалок бўлгани, Термиздаги хонадонда портлаш юз бергани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: