14:31 | 16.01.23

                       

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистонни тарк этмоқчи бўлганида тўхтатиб қолинди

Тошкент шаҳри собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бугун тонгда шаҳардан ўз оиласи билан чиқиб кетишга уринганида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тўхтатилди

Тошкент шаҳри собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистонни тарк этмоқчи бўлганида тўхтатилди, деб хабар беради Kun.uz нашри.

Фото: Bugun.uz

Қайд этилишича, собиқ ҳоким 16 январь куни тонгда шаҳардан ўз оиласи билан чиқиб кетишга уринганида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тўхтатилган.

Аввалроқ қиш мавсумига тайёргарлик кўрмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилганди. Шунингдек, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари ҳокимларига ҳайфсан берилди ҳамда «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти раиси Ф.Абдурахмонов лавозимидан озод этилган.

Президент ҳокимнинг лавозимдан олинишини «оёғидан ердан узилгани» билан изоҳлаган. «Шу боис вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаевни ишдан олдим. Кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон ‘сводка’ билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун ишдан олдим», — деган Президент.

Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Рахмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи, Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашев шаҳар прокурори этиб тайинланган.

Президент Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурага бугун лавозимидан озод этилган мутасаддиларнинг фаолиятини ўрганиш ва қонун бузилишлари аниқланган тақдирда, қатъий жавобгарликка тортишни топширган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: