16:56 | 21.01.23

                       

Макронга қарши миллион. Франция президенти норозилик намойишлари фонида мамлакатдан кетди

Францияда пенсия ёшини икки йилга — 64 ёшгача узайтириш таклиф қилинмоқда. Пенсия ислоҳотларидан норози бўлган французлар умуммиллий иш ташлаш эълон қилган. Одамларнинг кайфияти кескин, аммо ҳукумат ҳам ён босиш ниятида эмас

Пенсия ислоҳотларидан норози бўлган французлар умуммиллий иш ташлаш эълон қилди. Одамларнинг кайфияти кескин, аммо ҳукумат ҳам ён босиш ниятида эмас, деб хабар беради «РИА Новости».

Фото: AP Photo

«Кўзни шамғалат қилган» ислоҳот

Францияда пенсия тизими жуда чигал: турли соҳа вакиллари учун 40 дан ортиқ вариант бор. Эммануэль Макрон ислоҳотлар айнан тизимни соддалаштириш учун зарурлигини тушунтирган. Тизимни бирлаштириш қоғозбозликни минималлаштиради, шиширилган бюрократик аппаратни камайтиради. Аммо пенсия ёши ва меҳнат стажи кўтарилмоқда.

Шу сабабли Макроннинг «оптималлаштириш» режалари аввал бошидан оммалашмади. Иккинчи муддатга сайланиш умидида бўлган президент вазиятни юмшатишга уринди, бироқ уни назорат қила олмади.

Ўтган йилги сайловлардаги ғалаба расмийларнинг қўлини бўшатиб юборди. 31 декабрь куни давлат раҳбари ислоҳотлар ишга туширилишини эълон қилган. Тўққиз кундан кейин бош вазир Элизабет Борннинг ҳокимияти унинг асосий талабларини ошкор этди. Бу эса жамоатчиликнинг норозилигини келтириб чиқарди.

Кўпроқ ишлаш — камроқ олиш

Биринчидан, мамлакатда пенсия ёши икки йилга — 64 ёшгача узайтирилмоқда. Иккинчидан, тўлиқ пенсия олиш учун 43 йиллик стаж талаб этилади (ҳозирда бу 42 йил). Яъни тинимсиз ва расман 21 йил ишлаш керак бўлади.

Макрон ва Борн аҳолини тинчлантиришга уринди: буларнинг барачаси — бугунданоқ амалга оширилмайди. Стаж 2027 йилдан, пенсия ёши эса 2030 йилдан оширилади. Бундан ташқари, минимал пенсия ойига 1200 еврога кўтарилади (ҳозирда 1100 евро).

Аммо французлар тинчланмади. Саккизта йирик Касаба уюшмалари умуммиллий иш ташлашга келишиб олди ва кенг кўламли норозилик акцияларини бошлаб юборди.

Уч турдан иборат қаршилик

Биринчи тўқнашув 19 январь куни содир бўлди. Эрта тонгдан транспорт қатновлари фалажланди, мактаблар ва олий таълим муассасаларидаги ўқитувчилар ишга чиқмади. Нефть соҳаси ходимлари ҳам шундай йўл тутди. Тиббиёт ходимлари декабрь охиридан бери норозилик билдириб келаётганди.

Француз демократик меҳнат конфедерацияси CFDT — миллий касаба уюшмалари маркази норозиликлар фойда берганини маълум қилди. Бу бошланиши эди.

26-27 январь кунлари 48 соатлик иш ташлаш режалаштирилган, 6-8 февралда ислоҳотлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентга киритилса, уч кунлик иш ташлаш эълон қилинади. Айрим Касаба уюшмалари акцияни 31 январь куни ҳам ташкил этишни истамоқда.

«Охирги конфедератив съездда Лоран Берже томонидан олинган мандат (CFDT раҳбари — таҳр.) унга бирор-бир музокараларсиз ҳукумат ташаббусига қарши чиқиш имконини беради. Ҳокимиятнинг ўзи ‘консультация’га рози», — дейди ижтимоий мунособатлар ва касаба уюшмалари ҳаракати бўйича мутахассис Стефан Сиро.

Энди «сариқ нимчалар» эмас

2018 йили французлар кўчаларга тарқоқ гуруҳлар бўлиб чиққанидан фарқли ўлароқ, ҳозирда CFDT бирлашган куч ролига даъвогарлик қилмоқда.

Ҳокимият «сариқ нимчалар» ҳаракатини махсус воситаларни қўллаган ҳолда қаттиқ бостирганди. Полиция билан тўқнаш келган маргиналлар намойишлар зарарига ишлаган. Шу сабабдан касаба уюшмалари «нимчалар»га ҳеч қандай боғлиқлик бўлишини истамаяпти.

Умуман олганда бу ҳукумат яна кескин ҳаракат қилмаслигини кафолатламайди. Ҳукумат, ҳақиқат шубҳасиз, намойишчилар тарафида эканини тушунади — сўровларга кўра, французларнинг 68 фоизи бир овоздан ислоҳотларга қарши чиққан. «Иш ташлаш, намойишлар ўтказиш ҳуқуқи бор», — дея тан олади Борн.

Шу билан бирга, Макрон кучли куч ресурсларига эга. Чунки оддий французлар учун стаж 43 ёшгача оширилмоқда, полициячилар учун эса барибир 30 йилдан камроқлигича қоляпти. Шу сабабли улар намойишчиларга қўшилишга шошилмаяпти. 19 январь куни уларнинг айримлари кўзни ёшлантирувчи газдан фойдаланган, 40 га яқин одамни қўлга олган.

Миллионлар норозилиги ва эҳтиёткорона ён босишлар

Le Monde’нинг ёзишича, иш ташлашларда қанча одам иштирок этишини олдидан айтиш мушкул. Чунки ҳукумат эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилса, намойишчилар дадиллашади. Аммо кескин чоралар ҳам Макронга қарши ишлайди.

Ҳатто «синов» тариқасида ўтказилган акцияларга ҳам камида 1 миллион киши қўшилганини мамлакат Ички ишлар вазирлиги тасдиқлаган.

Лоран Берже февраль ойида намойишларда иштирок этувчилар кўпайишини кутмоқда. CGT касаба уюшмасидаги ҳамкасби Филипп Мартинес «миллионлар» намойишига умид қилмоқда. Мамлакатда камида 200 та «йиғин пункти» очилган — бу 2018 ва 2019 йилги тартибсиз акциялардан олдиндан ташкиллаштирилаётгани билан ҳам фарқ қилади.

Ҳукумат ҳозирда Давлат кенгашига пенсия ислоҳоти бўйича қонун лойиҳасининг иккинчи версиясини юборган. Унинг матни билан танишиб чиққан маҳаллий журналистларнинг айтишича, ҳужжат биринчисидан икки баробарга (20 варақ) кўп. Хусусан, унга алоҳида ижтимоий таъминотнинг молиявий баланси ҳақида батафсил маълумотлар киритилган. Бироқ, энг муҳими, ҳужжатда илк бор ҳозирги вақтда инновацияларнинг қиймати потенциал тежашдан кўпроқ бўлиши келтирилган.

Макрон норозилик намойишлари айни авж олган бир паллада Барселонага ташриф билан йўл олган бўлса-да, ҳукумат пенсия ислоҳотини давом эттиришига ишонч билдирган. Президентнинг сўзларига кўра, ўзгартиришлар «диалог» билан амалга оширилиши ва биринчи навбатда «адолатли, масъулияти» бўлиши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда футбол ишқибозлари ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берганди, Хитойда эса коронавирус чекловларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Шунингдек, Остонада 26 ноябрь куни Тўқаевнинг инаугурациясига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Оқибатда шаҳар кўчаларида намойишчилар оммавий ҳибсга олинди.

Эронда Махса Аминининг ҳижоб туфайли полиция томонидан ҳибсга олинганидан кейин вафот этганди. Шу сабаб юзага келган тартибсизликларда қурбонлар сони 40 нафардан ошди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: