Янгиликлар - 9:24 · 02.02.2021

Ўзбекистонда илк бор коронавируснинг «британча» штамми қайд этилди

Ўзбекистонда 30 январь, шанба куни коронавируснинг «британча» штамми қайд этилди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев хабар берди.

Унга кўра, 2010 йилда туғилган пойтахтлик фуқаро Ш. оила аъзолари билан биргаликда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига сафар қилиб, 2021 йилнинг 23 январь куни Тошкентга қайтган. Ўрнатилган тартибга кўра, халқаро аэропортда фуқародан экспресс усулида тест олинганда унда мусбат натижа қайд қилинган. Шундан сўнг бемор зудлик билан юқумли касалликлар шифохонасига тез ёрдам машинасида олиб келинган. Шифохонада ўша куннинг ўзида функционал-клиник текширувлардан ўтказилган ва унга COVID-19’нинг симптомсиз кечиши ташхиси қўйилган.

«SARS-CoV-2 вируси геномини ўрганиш учун Инновацион ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказига юқумли касалликлар шифохонасидан ПЗР усулида олинган 33 та мусбат натижали томоқ-бурун намунаси ‘британча’ штаммни аниқлаш мақсадида юборилганди», — дейди Баҳодир Юсупалиев.

Унинг сўзларига кўра, ушбу намуналар ПЗР скрининги орқали биринчи босқич текширувидан ўтказилган. Натижада улар орасида мутацияга учраган намуналар ҳам аниқланган. Иккинчи тест босқичида мутация аниқланган намуналардан бирининг геном қисмларида «британча» штаммга хос бўлган қўшимча мутация мавжудлиги тасдиқланган. Бу намуна эса 10 ёшли бемор Ш. (қиз бола)га тегишли экани маълум бўлган.

Bugun — LIVE