Янгиликлар - 17:16 · 03.02.2021

ТИВ вакилини шилқимликда айблаган польшалик журналист Ўзбекистондаги мухбир сифатида аккредитация қилинди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 3 февраль, чоршанба куни Агниешка Пикулицка-Вилчевскани «Аl Jazeera» телеканалининг (Қатар) Ўзбекистондаги мухбири сифатида аккредитация қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Журналист Пикулицка 1 февраль куни ўзининг Тwitter саҳифасида вазирлик ходими унга тегажоғлик қилгани ҳақида шикоят ёзиб қолдирган. Шунингдек, у ходимнинг Ўзбекистонда салбий хабарлар кўпайиб кетгани учун карантин ҳақида ижобий мақола ёзишини айтганини таъкидлаган.

Шундан сўнг журналист тегажоғлик қилган ходим устидан шикоят қилиб чиққан. Вазирлик ходими эса Тelegram’даги барча ёзишмаларини ўчирган. Агниешка Пикулицканинг шикоятига жавоб қайтарилмаган. Пикулицка воқеа юзасидан 2 февраль куни вазирлик ходимлари билан учрашган. Унга тегажоғлик қилган Рустам исмли ходимни вазирлик биносида кўп марта кўрган бўлса ҳам, вазирликда уни ҳеч ким танимаслигини айтган.

Ушбу ҳолатга Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳамда Сенат раиси Танзила Норбоева ўз муносабатини билдирган. Комил Алламжонов шикоят унда жиддий хавотир уйғотганини маълум қилган. Танзила Норбоева эса бу ҳолат ўрганилиши, тегишли чоралар кўрилиб, айбдорлар жазоланишини таъкидлаган.

Ташқи ишлар вазирлиги 2 февраль куни польшалик журналистдан узр сўраган ва унга тегажоғлик қилган ходимини ишдан бўшатганини маълум қилган.

Bugun — LIVE