Тошкентнинг Эски шаҳар ҳудудида миллий савдо шаҳарчаси ташкил этилиши мумкин
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан жами қиймати 8,6 триллион сўм бўлган 9 та йирик саноат лойиҳаси тақдимот қилинган
Шавкат Мирзиёев 1 февраль, душанба куни инвестиция соҳасига доир аввалги топшириқлар ижроси ва янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 11 январь куни тижорат банклари томонидан жами қиймати 1 миллиард доллар бўлган инвестиция лойиҳалари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан жами қиймати 8,6 триллион сўм бўлган 9 та йирик саноат лойиҳаси тақдимот қилинган. Давлат раҳбарининг кўрсатмасига асосан, бу лойиҳаларни сифатли амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар, муддатлар ва масъуллар белгиланган «йўл хариталари» тасдиқланган.
Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан қўшимча равишда янги инвестиция лойиҳалари тайёрланган. Тақдимотда ушбу янги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, 10 та йирик тижорат банки томонидан қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган 136 та янги лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилган.
Хусусан, «Миллий банк» томонидан 2021 йилда 225 миллион долларлик 6 та янги лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Қорақалпоғистон, Навоий ҳамда Наманган вилоятларида поливинилхлорид ва алюминий ромлар ишлаб чиқариш, пойтахт ва Тошкент вилоятида поезд вагонлари ҳамда юк машиналарига хизмат кўрсатувчи транспорт-логистика марказини ташкил қилиш лойиҳалари шулар жумласидандир.
«Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан Ургут эркин иқтисодий зонасида 110 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бунда йилига 600 минг тонна пўлат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қуввати пайдо бўлади.