Жаҳон банки табиий офатлардан Ўзбекистонда ўртача 1,4 миллион киши азият чекишини маълум қилди
Жаҳон банки вакили Марказий Осиё мамлакатлари ҳар йили табиий офатлар натижасида 10 миллиард доллар йўқотаётганини таъкидлаган
Жаҳон банки Марказий Осиёда ҳар йили 3 миллионгача аҳоли табиий офатдан азият чекиши, уларнинг ярмидан кўпи Ўзбекистонда яшашини маълум қилди. Бу ҳақда «Asia-Plus» хабар қилди.
Унга кўра, Жаҳон банки ва унинг ҳамкорлари қатор табиий хавф офатларни, жумладан, зилзилалар, тошқинлар ва кўчкилар хавфини баҳолаш бўйича ноёб ташаббусни бошламоқда.
«Ушбу ташаббус Олмаотада жойлашган Фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар хавфини камайтириш маркази билан яқин ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Ташаббуснинг умумий мақсади — молиявий барқарорликни ошириш, хатарларни аниқлаш қобилиятлари ва табиий офатлар хавфини бошқариш тизими орқали Марказий Осиё мамлакатларининг табиий офат ва иқлим хатарларига чидамлилигини кучайтириш», дейилади Жаҳон банки хабарида.
Жаҳон банки мутахассисларининг фикрига кўра, хавфни баҳолаш тизими минтақавий ёндашувни ҳисобга олган ҳолда ўзига хос ва кўплаб табиий хавфлар ва сезгир объектларнинг турлари бўйича мувофиқликни таъминлашга қаратилган. Таъкидланишича, бу Марказий Осиё минтақасидаги биринчи шундай уриниш ҳисобланади.
Жараён якунида маҳаллий ҳокимият идоралари табиий офатлар хавфини бошқариш стратегиясини ишлаб чиқишда ишлатилиши мумкин бўлган ишончли воситага эга бўлишлари кутилмоқда. Хулоса шуки, бу жараён минтақадаги техник ва илмий жамоаларда табиий офатлар хавфини тушунишни яхшилайди.
Жаҳон банки вакили Марказий Осиё мамлакатлари ҳар йили табиий офатлар натижасида 10 миллиард доллар йўқотаётганини таъкидлаган. Бурунчукнинг таъкидлашича, минтақада ҳар ойда зилзилалар харитаси қизил нуқталар билан тўлади. Лилия Бурунчук минтақанинг ҳар йили 3 миллионгача аҳолиси табиий офатлардан азият чекишини, уларнинг ярмидан кўпи Ўзбекистонда истиқомат қилишини таъкидлаган.
Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, табиий офатларда Ўзбекистонда ўртача 1,4 миллион киши азият чекади ҳамда мамлакат иқтисодиётига бу 2,8 миллиард АҚШ долларига тушади. Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги кўрсаткичлар қуйидагича:
- Қозоғистон — 500 минг киши азият чекади, 4 миллиард иқтисодий зарар;
- Қирғизистон — 200 минг киши азият чекади, 270 миллион иқтисодий зарар;
- Тожикистон — 500 минг киши азият чекади, 400 миллион иқтисодий зарар;
- Ўзбекистон — 1 миллион 400 минг киши азият чекади, 2,8 миллиард иқтисодий зарар;
- Туркманистон — 170 минг киши азият чекади, 2,7 миллиард иқтисодий зарар.
«Бу шунчаки статистика эмас, бу вафот этаётган, яқинларини йўқотадиган, жиддий жароҳат олган ва оғир йўқотишларга дучор бўлган одамлар», — дея қўшимча қилган Бурунчук.