Ўзбекистонда 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар бепул тарқатилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Республикада оналар ва болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарорининг лойиҳаси 1 февраль, душанба куни киритилди.
Унга кўра, Ўзбекистонда 2020—2025 йилларда 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади.
Қарор лойиҳаси билан 2020–2025 йилларда 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситаларини бепул тарқатиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ҳамда Республикада аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш учун харид қилинадиган, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга поливитамин махсус комплексларини ва болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситаларини харид қилиш, тақсимлаш ва ажратиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланади.
Бундан ташқари, Республикада оналар ва болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш борасида 2021 йил 1 июндан бошлаб:
- 6—23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан;
- 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар «А» витамини билан;
- 2—10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланиши кўзда тутилган.
Шунингдек, 2022 йил 1 июлдан бошлаб эса:
- ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3—15 ёшдаги болалар йод препарати билан;
- 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланиши кўзда тутилган.
Таъкидланишича, бу жараён билан 2021 йилда 11 миллион нафар, 2022 йилда 17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ҳамда аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар, шунингдек, паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайтирилади.