Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг ойлиги 2024 йилда минг долларга етказилади
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 1 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов 2024 йилга бориб ўқитувчиларнинг маошини 1000 АҚШ доллари эквивалентига етказиш режалаштирилаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, 2018 йилдан ҳозиргача ўқитувчиларнинг маоши 2 босқичда оширилган. Аввал ўқитувчининг ўртача иш ҳақи 1,4 миллион сўм атрофида бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб, 1,5 бараварга оширилиб, 2,6 миллион сўмга етказилган.
«Президентимизнинг топшириғига кўра, ўқитувчиларнинг ойлигини 2024 йилгача халқона тилда айтганда 1000 долларга етказишни мўлжаллаганмиз ва бу масалада таклифлар тайёрланмоқда. Бу бўйича Молия вазирлиги билан ҳам ишлаймиз. Қарор лойиҳаси ишлаб чиқилгач, уни, албатта, жамоатчилик, хусусан, ўқитувчи-устозларимиз билан муҳокама қиламиз», — деди Темур Комилов.
Шу билан бирга, ўқитувчиларнинг маошини 1000 долларга етказишда уларнинг тоифаси ҳам инобатга олиниши маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган маросимдаги нутқида ўқитувчиларнинг ойлиги 1000 долларга етказилиши ҳақда айтиб ўтганди.
Унинг таъкидлашича, ёш авлод тарбиясида ҳал қилувчи ўрин тутадиган боғчалар ва мактаблар тизимида ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Президент мактаблари, ихтисослашган ва ижод мактаблари барпо этиш, «Замонавий мактаб» дастурини жорий этиш борасидаги ишлар ҳам узлуксиз давом эттирилмоқда.