Марказий сайлов комиссиясига раис тайинланди
Сенат раиси ўринбосари Зайниддин Маҳаматович Низомхўжаев Марказий сайлов комиссиясининг бугун, 5 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишида раис этиб сайланди. Бу ҳақда «Kun.uz» xабар берди.
Хабарга кўра, Сенатнинг 5 февраль куни бўлиб ўтган ўн иккинчи ялпи мажлисида парламент қуйи палатаси томонидан маъқулланган номзодлар Марказий сайлов комиссияси аъзолигига тасдиқланган. Ҳасан Абдураҳмоновнинг маълум қилишича, комиссиянинг ички йиғилишида Зайниддин Низомхўжаев Марказий сайлов комиссиясининг янги раиси, Баҳром Қўчқоров унинг ўринбосари этиб сайланган.
Эслатиб ўтамиз, Марказий сайлов комиссиясининг 7 нафар аъзоси ваколатлари тугатилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Қонунчилик палатасида ушбу масала ҳам кўриб чиқилган:
- Мирзo Улуғбек Абдусаломов, Марказий сайлов комиссияси раиси
- Жанабай Садиков, ҳуқуқшунос
- Отагалди Бобожонов, Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани халқ қабулхонаси мудири
- Муҳайё Жўраева, «Ҳунарманд» уюшмасининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи
- Эсанбай Ражабов, Қашқадарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси маслаҳатчиси
- Эркин Хўжақулов, Тошкент шаҳар умумюрисдикция суди раиси
- Жалил Норов (марҳум)
Шунингдек, Қонунчилик палатаси 8 нафар янги аъзо номзодини кўриб чиқган ва маъқуллаган:
- Эргаш Юсупов, Хоразм вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси
- Зайниддин Низомхўжаев, Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари
- Александр Фармонов, «Ўзэлектроаппарат» АЖ бошқарув раиси маслаҳатчиси
- Муяссар Қодирова, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Сурхондарё вилояти масъул ташкилотчиси
- Бахром Қўчқоров, Адлия вазири ўринбосари
- Шуҳрат Жўраев, пенсияда
- Орифжон Бозоров, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори
- Алишер Усмонқулов, Жиззах политехника институти ректори.
Кейинчалик, Марказий сайлов комиссиясининг собиқ раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси этиб сайлангани ҳақида хабар берилди.