Ўзбекистонда 2020 йилда йўл қурилиш соҳасида 11,5 млрд сўмлик давлат мулки талон-торож қилингани маълум бўлди
АОКАда 2021 йил 3 февраль куни республикада йўл ва кўприк қурилиш соҳаси бўйича ўтказилган матбуот анжуманида 2020 йилда йўл қурилиши соҳасида 11,5 миллиард сўмлик давлат мулки талон-торож этилгани маълум қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, йўл ва кўприк қурилишида содир этилган жиноятлар ҳақида Транспорт прокуратураси томонидан маълумот берилган. Жумладан, республика Транспорт прокуратураси томонидан 2020 йилда йўл ва кўприк қурилиш соҳасида бюджетдан ажратилган пулларни ўзлаштириш ҳолати бўйича 40 га яқин жиноят иши очилган. Уларда йўллар қурилишидаги коррупцион ҳолатлар бўйича 11,5 миллиард сўмлик давлат мулки талон-торож этилгани фош қилинган.
Шунингдек, 2020 йилда Транспорт прокуратураси ва йўл ташкилотлари томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича бир нечта қўшма қарорлар имзоланган. Шунга биноан, ҳар битта топшириладиган объект тўғрисидаги маълумот Транспорт прокуратураси назорати учун берилиши келишиб олинган. Шу билан бирга, 2020 йил давомида Транспорт прокуратураси томонидан ҳар бир объектга чиқиб, йўллар аҳволи ўрганилганда, қатор камчиликлар борлиги аниқланган.
«Аввало, йўл ва кўприк қурилишига оид қонунчилик ва уларни қуришда қўлланиладиган давлат стандартлари, йўриқнома ва қоидаларни такомиллаштириб, ҳозирги замонга мослаштириш зарурати юзага келган. Боиси ҳозирги кундаги қурилишлар ҳанузгача собиқ иттифоқ давридаги стандартлар асосида амалга оширилмоқда.
Мисол учун, ўша пайтларда йўллар 14 тонналик юк машиналарига мослаштирилган бўлса, бугунги кунда 80 тонналик автомобиллар йўлларимизда юрибди. Бу ҳам йўллар сифатининг тез бузилиши, ишдан чиқишига олиб келмоқда. Транспорт прокуратураси томонидан бу борада тегишли таклифлар берилганлиги қайд этилди», дейилади хабарда.
Бундан ташқари, матбуот анжуманида кўприк ва йўллар қурилишида лойиҳа институтлари монополияси тугатилгани, бундан буён объектлар очиқ тендер савдолари орқали қурилиши таъкидланган.
Аввалроқ Ангрен шаҳар ободонлаштириш бошқармаси собиқ раҳбари 638 миллион сўмни талон-торож қилгани аниқланган.