Президент Фарғонадаги 3 та туман ҳокимини ишдан олди
Фарғона шаҳрида 5 февраль куни бўлиб ўтаётган Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Шавкат Мирзиёев вилоятдаги 3 та туман ҳокимини ишдан олди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Қува тумани ҳокими Равшан Қурбонов, Ўзбекистон тумани ҳокими Қаҳрамон Жўраев ҳамда Ёзёвон тумани ҳокими Йўлчибой Бойигитов хизмат вазифасини етарли даражада бажармагани учун ишдан олинган.
Шунингдек, Қува тумани прокурори Бахтиёр Вахобов, Ички ишлар бўлими бошлиғи Элёр Хайдаматов, солиқ инспекцияси бошлиғи Носир Мақсудов ишдан бўшатилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон тумани прокурори Мирвохид Отабоев ҳам вазифасидан озод этилган.
Аввалроқ Хайрулло Бозоров Фарғона вилояти ҳокими этиб тасдиқлангани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 25 cентябрь куни Фарғона вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда Хайрулла Бозоров Фарғона вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган.