Халқ банки Тошкент вилояти филиали собиқ раҳбари шериклари билан салкам 120 млн сўмни ўмарди
Xалқ банкининг Тошкент вилояти филиали собиқ раҳбари ва унинг шериклари салкам 120 миллион сўм маблағни ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Bugun.uz» сайтига маълум қилди.
Xaбар берилишича, собиқ раҳбар ва шериклари фуқаролар номига истеъмол кредити расмийлаштирган ҳолда пулларни ўзлаштирган. Ўтказилган текширувда 2019–2020 йиллар давомида Халқ банки Дўстобод филиали собиқ раҳбари ва ҳамтовоқлари 6 нафар фуқаронинг хабарисиз ҳужжатларни қалбакилаштирган. Шунингдек, уларнинг номига жами 119,1 миллион сўм миқдорида истеъмол кредитларини расмийлаштиргани аниқланган. Улар кредит маблағини ушбу фуқаролар номига очилган пластик карталарга ўтказиш орқали нақдлаштириб, талон-торож қилган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан банк филиали собиқ бошқарувчиси Б.О. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми ва 209-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда банк ходими 170 миллион сўм миқдоридаги пенсия пулларини ўзлаштиргани ва «Ипотека банк» кассири аҳолининг банкдаги тўловларини кирим қилмай, ўзлаштириб юборгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Бош прокуратура Андижон вилояти ва Сариосиё туманида салкам 600 миллион сўм миқдоридаги буджет маблағлари талон-торож қилинганини маълум қилган.