Андижонда банкоматлардан салкам 350 млн сўмни ўзлаштирган банк ходими ушланди
Андижон вилояти Жалақудуқ туманида бозорга ўрнатилган банкоматлардан 345,5 миллион сўмни ўзлаштирган банк ходими ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жалақудуқ туман бўлими томонидан акциядорлик тижорат «Халқ банки» туман филиали мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда маълум бўлган. Банкнинг бош мутахассиси З.И. 2020 йилнинг декабрь ва 2021 йилнинг январь ойларида туман деҳқон бозорида ўрнатилган банкоматлардан жами 345,5 миллион сўм нақд пулни олиб, ушбу пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Шунингдек, у ўз ихтиёрида бўлган жуда кўп миқдордаги мулкни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан З.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда «қорбобо» 400 долларлик телефонни ўғирлаб кетгани ҳамда Тошкентда 7 та банкоматни ўмарган эркаклар ушлангани ҳақида хабар берилган.