Ўзбекистонда олий таълим тизимида давлат грантлари сони 25 фоизга оширилади
Ўзбекистонда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 25 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун эса 2 бараварга оширилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Шавкат Мирзиёев «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ‘Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили’да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармонни имзолаган.
Шунингдек, хусусий олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти бериш тизими жорий этилади. Фармонга кўра, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021/2022 ўқув йили учун ўқишга қабул қилишда давлат буюртмаси параметрларининг тубдан қайта кўриб чиқилишини таъминлаши лозим.
Маълумот учун, 2020 йилда олий таълимга қабул параметрлари 2016 йилга нисбатан 2,5 баробарга ўсган. Президентнинг таъкидлашича, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 25 фоизга етган.
Аввалроқ Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг 219 нафар талабасига номдор давлат стипендиялари берилгани ҳақида хабар берилган эди. Совриндорларга давлат стипендияси 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб 2021/2022 ўқув йили давомида тайинланади.
Бундан ташқари, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшларга Президент гранти берилиши маълум қилинган.