Сурхондарёда ЙПХ ходими ҳайдовчига куч ишлатгани тўғрисидаги хабарга изоҳ берилди
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Сурхондарёда йўл-патруль хизмати ходими ҳайдовчига куч ишлатгани тўғрисида тарқалган хабарларга изоҳ берди.
Унга кўра, 2020 йилнинг 29 август куни вилоят Йўл ҳаркати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати ходимлари — А.Ғаппоров ва Ж.Қўлтўраевлар белгиланган тақсимот асосида Бойсун тумани ҳудудида хизмат олиб борган вақтида 4Р-105 автомобиль йўлининг 105-километрида «Nexia» русумли автомобиль тўхтатилиб текширилади. Унда ҳайдовчи оғзидан спиртли ичимлик ҳиди келгани сабаб тиббий текширувга таклиф этилган. Аммо ҳайдовчи ушбу вақтда ЙПХ ходимларига қаршилик кўрсатиб, воқеа жойидан қочишга уринган. Кўрилган чоралар натижасида ҳайдовчи — 1979 йилда туғилган Н.Б. тиббий кўрикдан ўтган ва шифокор берган хулосага кўра ҳайдовчининг мастлик ҳолати тасдиқланган.
Йўл ҳаракати қоидаларининг 9 ҳамда 12-бандлари талабларини бузгани бўйича ҳайдовчи Н.Б.га нисбатан ЙПХ ходими томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси 1-қисми (Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқаришда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги) ва 131-моддаси 1-қисми (Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши) тартибида маъмурий баённома тузилган ва автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Жиноят ишлари бўйича Бойсун тумани суди томонидан фуқаро Н.Б. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси 1-қисми ҳамда 131-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилиб, унга нисбатан 1 йил 6 ой муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлиш ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.