Тошкентда 3 та автомобиль тўқнашиши оқибатида 4 киши жароҳатланди
Тошкент шаҳар Яшнобод туманида 5 февраль куни 3 та автомобиль тўқнашиши оқибатида 4 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, воқеа 5 февраль куни тахминан соат 12:10 да Яшнобод туманидаги Кичик ҳалқа автомобиль йўлида содир бўлган. «Equinox АТ» автомобилини бошқариб борган 39 ёшли Д.А. қайта бурилиш ҳаракати давомида 70 ёшли П.К. бошқарувидаги «КамАЗ» русумли юк автомобилини ўтказиб юбормаган. Тўқнашув оқибатида «Equinox АТ» автомобили бошқарувсиз ҳаракатни давом эттириб, йўл четида тўхтаб турган 50 ёшли А.Н. бошқарувидаги «Nexia» автомобилига тўқнашган. Бир вақтнинг ўзида «КамАЗ» автомобили ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, ТМА-1 биносига тўқнашган.
Қайд этилишича, йўл транспорт ҳодисаси оқибатида учала автомобиль ҳайдовчилари ҳамда юқоридаги бинода бўлган 73 ёшли М.М. шифохонага етказилган. Мазкур факт бўйича терговолди текшируви ўтказилмоқда.
Аввалроқ Сергелида «Nexia» кескин тўхташи оқибатида 3 та автомобиль тўқнашиб кетгани ҳамда Самарқандда 2 та машина тўқнашиши оқибатида 4 та машина пачоқ бўлгани хабар қилинган эди.