Тошкентда 9 яшар қизнинг телефонини ўмарган жуфтлик ушланди
Тошкент шаҳрида 3 февраль куни номаълум шахслар олдиндан жиноий тил бириктириб, 9 яшар қизнинг телефонини ўғирлаган. Бу ҳақда Тергов департаменти матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, фуқаролар Яккасарой тумани Чўпон ота кўчасининг поезд темир йўли билан кесишган чорраҳаси яқинида вояга етмаган А. Т.нинг қўлида бўлган 2 100 000 сўмлик «Redmi 8 Lite» русумли телефонни қўлидан юлиб олиб, ҳодиса жойидан ғойиб бўлган. Текширув ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни 21 ёшли фуқаро Шаҳзод Б. ва Шоҳиста Б. содир этганликлари аниқланган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан Яккасарой тумани тергов бўлими томонидан Шаҳзод Б. ва Шоҳиста Б.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «в» банди (Талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, тергов ҳаракатлари давомида улар ўғирланган телефонни «Малика» савдо мажмуасида 550 000 сўмга сотиб юборгани маълум бўлган. Тергов жараёнида ушбу жиноятни содир этишга вояга етмаган шахсни жалб қилганликлари ҳам аниқланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «в» банди (Талончилик) ва 127-моддаси 3-қисми (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) билан айбланиб, ҳар бирига нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ Халқ банки Тошкент вилояти филиали собиқ раҳбари шериклари билан салкам 120 миллион сўмни ўмаргани маълум қилинганди.