Тошкентда 300 млн сўмлик велосипед шиналарини ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлганлар ушланди
Тошкент шаҳридаги «Чуқурсой техник-идора» темир йўл чегара-божхона пости орқали салкам 316 миллион сўмлик велосипед шиналарини ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлганлар ушланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.
Хабарга кўра, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан «Тошкент-товар» божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда «Чуқурсой техник-идора» темир йўл чегара-божхона пости орқали Қўқон шаҳрида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамияти номига келтирилган юк контейнери белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилган. Натижада, йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилганидан ортиқча бўлган оғирлиги ярим тоннани ташкил этувчи қиймати салкам 316 миллион сўмлик велосипед шиналари борлиги аниқланди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур товарларга 121 миллион сўмдан ортиқ қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.