Бош прокурорни коррупцияда айблаган Бухоро шаҳар прокурори лавозимидан озод қилинди
Бош прокурор бошчилигида тизимда ноқонуний ишлар бўлаётгани ва ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётгани ҳақида Президентга мурожаат йўллаган Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.
Унинг таъкилашича, Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод қилинган.
«Жасур Фозилов ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод қилинган. Унинг нафақага чиқарилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. У ҳозирда кадрлар ихтиёрида. Раҳбарият лозим топган лавозимга тайинланиши мумкин», — дейди Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.
Эслатиб ўтамиз, Бухоро шаҳар прокурори сифатида фаолият юритаётган Жасур Фозилов аввалроқ ижтимоий тармоқларда видеомурожаатлар билан чиқиш қилган эди. Орадан вақт ўтиб, унинг мурожаатини Республика идоралараро комиссияси ўрганишни бошлаган.
Кейинчалик Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов лавозимига тиклангани маълум қилинганди.