Хоразмда ЙПХ ходими маст ҳайдовчига нисбатан чора кўрмагани айтилган хабарга муносабат билдирилди
Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси 5 февраль, жума куни йўл-пaтруль хизмати ходими маст ҳайдовчига нисбатан чора кўрмагани айтилган хабарга изоҳ берди.
Унга кўра, воқеа 2021 йил 4 февраль куни соат 22:00 ларда 4Р-156 автомобиль йўлининг 11–13-километрида содир бўлган. Хизматга тақсимланган вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ЙПХ инспектори томонидан Ҳазорасп–Урганч йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган «Lacetti» тўхтатилган. Ҳайдовчидан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни тақдим этиш сўралганида, 1999 йилда Ҳазорасп туманида туғилган фуқаро А.А. ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмаган.
Шундан кейин ЙПХ инспектори тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштириб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига асосан автомашинани вақтинчалик ушлаб туриш учун жарима майдончасига олиб бориш мақсадида махсус эвакуатор машинасини чақиртирган.
Эвакуаторга «Lacetti» ортилгач, ушбу машина йўловчилари эвакуатор ҳайдовчисининг маст ҳолда эканини айтиб, уни бошқаришига тўсқинлик қилган. Эвакуатор ҳайдовчиси ўзига нисбатан эътироз билдирилаётганлиги сабабли бошқарувни ёнидаги шеригига топшириб, автомашинани жарима майдонига келтирилишини таъминлаган. Жарима майдонининг ўзида соат 23:15 да «Алкотестер» воситасида мастлик даражаси текшириб кўрилганида 0,124 миллиграмм/литр алкоголь борлиги қайд этилган.
Маълумот учун, ҳайдовчининг нафасида 0,135 миллиграмм/литр ва ундан юқори миқдорда алкоголь аниқланган тақдирдагина Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда 12 минг доллар пора олаётган ИИБ ходимлари қўлга олингани ҳамда Сирдарёда ИИБ ходимларини тасвирга олиб, уни ижтимоий тармоқларда тарқатган фуқаро 10 суткага қамалгани ҳақида хабар берилган