Россиялик шифокорлар коронавирусдан кейин реабилитация қилишнинг ғайриоддий усулини топди
Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги ветеренлар касалхонаси шифокорлари COVID-19’дан кейин реабилитация қилишнинг ғайриоддий усулини топди. Бу ҳақда «Ura.ru» хабар берди.
Хабарга кўра, шифокорлар коронавирусдан тузалганларни реабилитация қилиш учун барокамералардан фойдаланишни бошлаган. Тиббиёт ходимлари ускуналар ўпкани тартибга солишини, шунингдек, организмнинг бошқа органларига ҳам кислород етказиб беришини таъминлайди. Шифокор физиотерапевт Евгений Дербышев кислород камерага юқори босим остида етказиб берилишини таъкидлаган.
Маълумот учун, барокамера бу — барометрик босимни сунъий равишда ўзгартиришга имкон берувчи герметик камера. Унинг паст босимли (вакуумли), юқори босимли (компрессион), муқим (стационар) ва кўчма турлари бўлади. Энг кўп тарқалган тури эса паст босимлисидир.
Аввалроқ артериал гипертонияси бор одамда коронавирус оғир кечиши маълум қилинган эди. Шунингдек, коронавирус янги штаммининг асосий хавфи эълон қилинган.