Самарқандда коронавирус беморларини даволаш учун ихтисослаштирилган сўнгги марказ ёпилди
Самарқандда коронавирус билан касалланган охирги бемор соғайгани сабабли COVID-19’ни даволаш учун мослаштирилган сўнгги марказ ёпилди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, ушбу марказ 5 февраль, жума куни сўнгги бемор соғайиб чиққани муносабати билан фаолиятини тўхтатган.
«Пандемия бошланганидан ҳозирга қадар илк бор вилоятимизда коронавирусга чалинганлар бутунлай соғайди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур жараёнларда фидойилик кўрсатган барча тиббиёт ходимларига ўз миннатдорчилигини билдиради», дейилади хабарда.
Шунингдек, агар коронавирусга чалиниш бўйича янги ҳолатлар аниқланса, Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонасида алоҳида тайёргарлик кўриб қўйилгани таъкидланган.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида коронавирусни даволашга ихтисослаштирилган 2 та саралаш ва тақсимлаш маркази ёпилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик пойтахтда яна иккита марказ ёпилган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 79098 (+53) нафарни ташкил этмоқда. Касалликдан соғайганлар жами 77 522 (+32) нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил қилмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 955 нафар беморнинг 153 нафари оғир, 29 нафари эса ўта оғир аҳволда.