Сирдарёда лайк йиғиш учун ички ишлар ходими кийимида рақсга тушган йигитга чора кўрилди — видео
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида ички ишлар ходимларининг хизмат кийимини кийиб, рақсга тушган ва уни видеога олган йигитларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Zamon» информацион дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, Мирзаобод туманининг Боғистон маҳалласида жойлашган автомобиллар ювиш шохобчасида ишлайдиган 26 ёшли Д.Х. ички ишлар ходимларининг хизмат кийимида жамоат жойида юриш-туриш ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузган ҳолда видеога тушган. Таниши вояга етмаган Диёрбек билан уни ижтимой тармоқларга тарқатиб юборган.
Таъкидланишича, ички ишлар ходимлари томонидан майда безорилар зудлик билан аниқланган. Жиноят ишлари бўйича Мирзаобод туман судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида Д.Х. Маъмурий жавобгарлик кодексининг 183 (Майда безорилик) ва 209- (Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш) моддаларига мувофиқ айбдор деб топилган. Д.Х.га ушбу кодекснинг 34-моддаси (Бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш) билан 8 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилган.
Шунингдек, Д.Х.нинг шериги Диёрбекнинг содир этган қилмиши Мирзаобод тумани ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиясида кўриб чиқиладиган бўлган. Майда безорилар лайк йиғиш илинжида қилган безорилигидан афсусланган.
Аввалроқ Сурхондарёда ЙПХ ходими хайдовчига куч ишлатгани тўғрисидаги хабарга изоҳ берилгани ва Бухорода ҳайдовчи уни тўхтатмоқчи бўлган ЙПХ ходимини машина капотида судраб кетгани ҳақида хабар қилинганди.
