Тошкентда «Cobalt» уриб юборган пиёда воқеа жойида ҳалок бўлди
Тошкентда «Cobalt» иштирокида содир бўлган автоҳалокатда 39 ёшли пиёда воқеа жойида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа 30 январь, шанба куни соат 00:10 атрофида Шайхонтоҳур туманидаги Тошкент ҳалқа автомобиль йўлида содир бўлган. Аниқланишича, Бухоро вилоятида туғилган 26 ёшли ҳайдовчи У.Р. «Cobalt»ини бошқариб кетаётиб, йўлнинг белгиланмаган жойидан ўтмоқчи бўлган сурхондарёлик эркак Қ.Н.ни уриб юборган.
Оқибатда пиёда олган тан жароҳати туфайли воқеа жойида вафот этган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Андижонда 83 ёшли фуқаро юк машинаси тагида қолиб, ҳалок бўлгани ва Навоийда юк машинаси билан тўқнашган «Matiz» ҳайдовчиси вафот этгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Қашқадарёдаги туман ҳокимларидан бирининг одам ўлимига сабабчи бўлган «Cаptiva»си янгисига алмаштирилиши ҳамда Қорақалпоғистонда «Nexia-3» ҳайдовчиси мастлиги сабаб 5 та машинага бориб урилгани хабар қилинган эди.