Косон тумани ҳокими одам ўлимига сабабчи бўлган «Cаptiva»сини нима сабабдан янгисига алмаштираётганини тушунтирди
Қашқадарё вилояти Косон тумани ҳокими Асрол Бойқараев одам ўлимига сабабчи бўлган «Cаptiva» хизмат автомобилини нима учун янгилаётганига изоҳ берди. Бу ҳақда «Daryo» хабар берди.
Хабарга кўра, Косон тумани ҳокимлиги ҳоким хизмат автомобили билан боғлиқ ЙТҲга аниқлик киритиш ва туманда бўлаётган янгиликлардан журналист ва блогерларни хабардор қилиш мақсадида 7 февраль, якшанба куни пресс-тур ташкил қилган. Ҳоким «Нега яна янги автомобиль сотиб олишга қарор қилдингиз? Йўл транспорт ҳодисасидан зарар кўрган автомобилингизни таъмирлаш камхарж бўлмасмиди?», деган саволга жавобан «ЙТҲдан зарарланган хизмат автомобилимизни таъмирлаш биз учун янги сотиб олинадиган автомобилдан 14 миллион сўм қимматга тушар экан», деган.
Қайд этилишича, ЙТҲдан зарарланган автомобиль 220 миллион сўмга сотилади. Шу пулга маҳаллий буджетдан 40 миллион сўм қўшилиб, 260 миллион сўмга янги «Cаptiva» харид қилинади.
«ЙТҲдан зарарланган автомобилимизни таъмирласак, бу автомобиль бизга 276 миллион сўмга тушар экан. Шунинг учун машинани 220 миллион сўмга сотиб, устига 40 миллион сўм қўшиб, ҳокимиятга янги автомобиль сотиб олишга қарор қилдик. Шунда биз 16 миллион сўм фойда кўрар эканмиз. Шунингдек, давлатга ҳеч қандай зараримиз тегмайди», — деди туман ҳокими Асрол Бойқараев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда 60 ёшли эркакнинг ўлимига сабачи бўлган Косон тумани ҳокимининг «Сaptiva»си янгисига алмаштирилиши ҳақда хабар берилган эди. Мазкур ЙТҲ 2020 йилнинг декабрида Косон шаҳридаги Кўп тармоқли марказий поликлиника яқинидаги пиёдалар ўтиш йўлагида содир бўлган ва пиёда ҳалок бўлган.