Ўзбекистонда 30 та ОТМ 2022 йилдан ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтади
Мамлакатдаги 62 та ОТМда таълим жараёнини бошқаришнинг рақамлаштирилган ахборот тизими жорий этилади
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Абдували Холиқов яна 30 та олий таълим муассасаси ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтишини маълум қилди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.
Хабарга кўра, Абдували Холиқов Ҳаракатлар стратегиясининг 4 йиллик фаолиятига бағишланган форумдаги маърузасида шу ҳақда таъкидлаб ўтган. Вазирлик вакили келтирган статистикага асосан ҳозирда Ўзбекистондаги 132 та ОТМнинг 71 тасида сиртқи таълим, 18 тасида кечки таълим, 147 тасида магистратура йўналишларида таълим берилмоқда.
Таъкидланишича, сўнгги тўрт йилда ОТМларда таҳсил олувчи талабалар сонида сезиларли ўсиш кузатилган. 2016 йилда мавжуд 77 та ОТМда 279 674 нафар талаба таҳсил олган бўлса, 2020 йилга келиб уларнинг сони 590 077 тага етган. Натижада ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 25 фоизга кўтарилган. 2021–2022 йилги қабул жараёнида эса бу кўрсаткич 27 фоизга етказилади.
Маълум қилинишича, 2021/2022 ўқув йилида 62 та ОТМда таълим жараёнини бошқаришнинг рақамлаштирилган ахборот тизими, 58 та ОТМда кредит-модуль тизими жорий этилади. Таълим йўналишлари мутахассислик фанлари ўқув юкламасининг 48 фоизи амалий машғулотлар учун ажратилади.
Мавзуга доир: ХТВ дарс пайтида партага оёғини қўйиб ўтирган ўқувчилар видеосига муносабат билдирди
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда олий таълим тизимида давлат грантлари сони 25 фоизга оширилиши ҳақда хабар берилган.