Ўзбекистонда сўнгги 2 йилда коррупция шаклида талон-тoрож қилинган бюджет маблағлари миқдори очиқланди
Ўзбекистонда сўнгги икки йилда коррупциявий жиноятлар оқибатида республика бўйича 371 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, коррупциявий жиноят учун 2477 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Прокурорлар томонидан қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида жами 452 та объектда текширишлар ўтказилиб, уларнинг натижасига асосан қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тегишли давлат органларига 46 та тақдимнома киритилган. 337 нафар шахс маъмурий ва 22 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, келгусида қонун бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида 126 нафар мансабдор шахс ёзма равишда огоҳлантирилган.
Шунингдек, Президентнинг топшириқларига асосан, 1379 та янги объектнинг лойиҳа ҳужжатлари қайта кўриб чиқилганда дастлабки қийматга нисбатан 1,5 триллион сўм ёки 22 фоиз харажатлар ортиқча ва асоссиз киритилганлиги аниқланиб, қисқартирилган. Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси томонидан бугунги кунда жами 82 та объектда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича текширишлар ўтказилиб, 66 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар мавжудлиги аниқланган.
Шу билан бирга, 23 миллиард сўмлик 21 та объектни қуриш юзасидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўтказилган тендер ва танловларда буюртмачи ва пудратчилар ўртасида қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик ҳолатларига йўл қўйилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят ишлари қатъий назоратга олинган ва айни пайтга келиб 24 та жиноят иши суд муҳокамасига юборилган, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган.
Қайд этилишича, ушбу тоифадаги жиноят ишлари бўйича давлат ва жамият манфаатларига 260,7 миллиард сўмлик моддий зарар етказилганлиги аниқланиб, унинг 47,6 миллиард сўми ундирилиши таъминланган. Айни вақтда етказилган зарарларни ихтиёрий тўламасдан келаётган, тергов ва суддан яшириниши эҳтимоли бўлган 36 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Мавзуга доир: Сирдарёда 1200 долларга ер ажратиб бермоқчи бўлган қурилиш бўлими бошлиғи ушланди
Аввалроқ Самарқандда портловчи модда савдосида қўлга тушган шахс ИИБ ходимига 2 минг АҚШ доллари миқдорида пора бермоқчи бўлгани ва «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси раҳбари Прокуратура томонидан пора билан ушлангани хабар қилинган эди.
