Ўзбекистонликлардан ҳам ички саёҳат пайтида туристик йиғим ундириладиган бўлди
Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига биноан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам мамлакат ичида туристик йиғим тўлайдиган бўлди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар қилди.
Фармонга асосан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлаштириш воситасида, улар яшаган ҳар бир кун учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорда туристик (меҳмонхона) йиғим ундирилади.
Бунда, туристик (меҳмонхона) йиғим ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, туризм мавсуми паст бўлган даврда жойлаштириш воситаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Шунингдек, ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва устозлар билан биргаликда саёҳат қилишни назарда тутувчи беш иш кунидан кам бўлмаган «оилавий саёҳат таътили» тизими жорий қилинади. Бунда «оилавий саёҳат таътили» йиллик асосий таътил ҳисобидан тақдим этилади ва жамоавий шартномаларга мувофиқ иш берувчининг розилиги билан амалга оширилади.
Аввалроқ Ўзбекистон бўйлаб янги авиа ҳамда темир йўл қатновлари йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент фармони билан баъзи давлатлар фуқаролари учун 10 кунлик визасиз режим белгиланиши маълум қилинган.
