«Сиз боксёрсиз, яна мушт туширинг». Ангренда ўқитувчи дарс пайтида ўқувчини калтаклади
Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги 41-мактабнинг биология фани ўқитувчиси дарс машғулоти вақтида 9-синф ўқувчисини калтаклади. Мазкур ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар халқ таълими бўлими матбуот хизмати изоҳ берди.
Маълум бўлишича, ушбу ҳолат 2021 йилнинг 4 февраль куни биология фани ўқитувчиси З. Турдиеванинг 5-соат дарс машғулоти вақтида 9-«В» синфида тасвирга олинган. Шу куни 9-синф ўқувчиси А.Қ. дарсга дафтарсиз келган. Ўқитувчи доскага мавзу ва режани ёзаётган пайтида у рухсатсиз биринчи қатордан тўртинчи қаторнинг биринчи партасига бориб ўтирган ва дарс жараёнига халақит қиладиган қилиқлар қилиб, қолган барча ўқувчиларни дарсдан чалғитган.
Шунингдек, ўқитувчи ўқувчини кетма-кет беш мартадан қўп огоҳлантиришига қарамай, дарс жараёнига халал берган. Ўқитувчи мавзуни тушунтираётган вақтда ҳам ўқувчи яна ноўрин қилиқлар қилиб, ўқитувчини ва ўқувчиларни дарсдан чалғитаётгани учун уни доска олдига чиқариб, нега бундай қилаётганлиги бўйича изоҳ беришини сўраганида орқасига қараб яна қилиқ қилиб, синфдаги ўқувчиларни кулдиргани учун ўқитувчи З.Турдиева унга курткаси устидан мушт туширган.
Таъкидланишича, ўқувчи ўқитувчига «Сиз боксёрсиз, яна мушт туширинг» деб ўқитувчини қуюшқондан чиқаргани учун ўқитувчи жаҳл устида ўқувчига бир неча бор мушт туширган. Ўқувчи дарс тугаганидан кейин яна ўқитувчини масхара қилиб, хонадан чиқиб кетган. Ўқитувчи эса бу ҳолат бўйича мактаб раҳбариятини ва синф раҳбарини огоҳлантирмаган. Сабаби ўқитувчи қон босими кўтарилиб, хонада чамаси икки соатлар ўтириб, сўнг ўзи раҳбарлик қилаётган 6-«Д» синфда 2021 йилнинг 5 февраль куни бўлиб ўтадиган тадбирга тайёргарлик кўрган.
Вазирлик хабарига кўра, 2021 йилнинг 8 февраль куни ўқитувчи ҳар доимгидек 9-«В» синфда дарсни ўтган. Ўқувчи А.Қ. 4 февралдаги иши учун ўқитувчидан узр сўраб, қилган ишидан пушаймон эканлигини маълум қилган ва ўқитувчи билан ўзаро келишиб олган. Ўқитувчи З.Турдиева ҳам ўқувчи ва унинг ота-онасидан бўлиб ўтган ҳолат учун кечирим сўраган.
Аввалроқ Самарқанд шаҳрида 77-мактабнинг 9-синф ўқувчилари дарс вақтида оёғини парта устига қўйиб, ахлоқсизлик қилгани учун ота-оналари жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди.