Судьялар Олий кенгаши Навоийда газета бош муҳарририга босим қилган суд раисининг ишини ўрганишни бошлади
Судьялар Олий кенгаши Навоийда газета бош муҳарририга босим қилган суд раисининг ишини ўрганишни бошлади. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 8 февраль куни оммавий ахборот воситаларида «Навоийда суд раиси газета муҳарририга буюртма мақола чиқарилмагани учун таҳдидли хат йўллади» сарлавҳали мақола эълон қилинган. Унда Навоий вилояти Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Хуршид Турсунов «Учқудуқ» газетаси таҳририяти муҳаррири Райҳон Қодировага юборган мақолаларини чоп этиб, газетадан бир нусха жўнатмаса, жаримага тортиши ҳақида таҳдидли хат жўнатгани, суднинг буюртма мақоласи эса плагиат бўлиб чиққани ҳақида сўз юритилган.
Судьялар Олий кенгаши матбуот хизмати ушбу мақолада тилга олинган ҳолатлар бўйича суд раисининг хатти-ҳаракатлари Кенгаш томонидан ўрганилаётганини маълум қилди.
«Мазкур мақолада қаламга олинган воқелик жиддийлиги, айниқса ‘Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси’ талаблари бузилган-бузилмаганига ойдинлик киритиш ва тегишли баҳо бериш лозимлигидан келиб чиққан ҳолда ўрганилмоқда. Натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилади», — дейилади Судьялар Олий кенгаши маълумотида.
Аввалроқ Навоийда журналистга таҳдид қилган маҳалла раисига «ҳайфсан» берилгани ҳақида хабар берилган эди.