«Телевизорга чиқсам, дадам хафа бўлади». Андижонда ота қарамоғидан чиқариб олинган бола иши бўйича маълумот берилди
Андижон вилояти Олтинкўл туманида ота қарамоғида бўлган 10 ёшли Ж.нинг она қарамоғига ўтказилиши бўйича қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилмаган. Бу ҳақда «Zamon» информацион дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, бюронинг Олтинкўл туман бўлими ижро юритувига Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 2020 йил 14 июлдаги ижро ҳаракатларини амалга ошириш ҳақидаги қарори келиб тушган. Унда ота Й.Р.дан фарзандни она Й.Ҳ. қарамоғига ўтказиш белгиланган. Бироқ отага ижро иши юритиш тўғрисидаги қарор берилган бўлса-да, ижро ҳужжати талаблари бажарилмаган.
Шундан сўнг Андижон туманлараро судининг 2021 йил 18 январдаги қарорига асосан боланинг она Й.Ҳ. қарамоғига олиб берилишини истисно қилмаслиги ҳақида ҳужжат расмийлаштирилиб, отага огоҳлантириш берилган. Сўнгра мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, фарзандни онасининг тарбиясига олиб бериш таъминланган.
Бола интервью беришни хоҳламаган:
«Дадам кўриб қолса, хафа бўлади», — деган 10 ёшли Ж.
Боланинг онаси бир йил давомида фарзандини кўрмаганини таъкидлаган:
«Олишиб, чиқариб юборди. Мен бунга қаршиман. Мен ўз фарзандимни олиб чиқиб кетдим. Бир йил давомида менга ўз боламни кўрсатмади, гаплаштирмади ҳам. Мен билан алоқа қилмади, телефонимга ҳам жавоб бермади. Кўргани борганимда эшикдан киргизмади. Ҳозир болам олдимда», — дейди она.
Аввалроқ Чилонзорда 13 ёшли болага куч ишлатган ИИБ ходимлари жазолангани ва Тошкентда 5-қаватдан тушиб кетган бола воқеаси тафсилотлари ҳақида хабар берилган эди.