Тошкентда ИИБ ходими кийимини кийиб, машина капотида чой ичиб кетган йигитларнинг шахси аниқланди
Иккала йигит 5 кунга қамалиб, машина жарима майдончасига жойланди
Тошкент шаҳар Юнусобод туманида «Жигули» капотида ички ишлар ходими кийимини кийиб, чой ичиб кетган 24 ёшли икки йигит суд қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 2021 йил 18 январь куни 24 ёшли А.З. таниши 24 ёшли А.К. билан бирга видеолавҳа суратга олиш ниятида дўкондан ички ишлар органи ходимининг формасини ижарага олган, шунингдек бозордан йўл-патруль хизмати ходимининг жезлига ўхшаш жезл ҳам харид қилган. Мазкур шахслар таниши 34 ёшли О.К.дан «ВАЗ-2106» русумли автомобилни вақтинчалик фойдаланиш ниятида олган, аммо уни бошқаришга ҳуқуқи бўлмаган. Шундан сўнг, А.К. ички ишлар органи ходимининг формасини кийган ҳолда қўлида жезл билан автомобиль капотига ётган. Шу тарзда видеолавҳа суратга туширилиб, интернет тармоғида тарқатилган.
Иккала йигитга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 209-моддаси (Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш) бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Бундан ташқари, А.З.га нисбатан транспорт воситасини ишончномасиз бошқаргани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш) бўйича баённома расмийлаштирилган. Автомобиль эса жарима майдончасига жойланган. Маълум қилинишича, 8 февраль куни Юнусобод тумани Жиноят ишлари бўйича суди томонидан А.К. ва А.З.га нисбатан беш суткалик маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.
Мавзуга доир: Самарқандда икки йигит обуначи йиғиш мақсадида ўзини томдан ташлади
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарёда лайк йиғиш учун ички ишлар ходими кийимида рақсга тушган йигитга чора кўрилгани ҳақида хабар берилганди.