Фарғонада Президент ташрифидан сўнг ишдан олинган «тўртлик» ўрнига янги раҳбарлар тайинланди
Фарғонада 9 февраль куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Фарғона шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида тўртта секторга янги раҳбарлар сайланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, ўтказилган сессияда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этган. Вилоят ҳокими Президентнинг 4–5 февраль кунлари вилоятга ташрифи давомида Фарғона шаҳрида кўзга ташланган камчиликлар ҳақида батафсил тўхталиб, шаҳарда йиғилиб қолган муаммолар ва тезкор ечимини кутаётган масалаларни танқидий таҳлил қилган, уларни ҳал этиш бўйича кўрсатмалар берган.

Президент ташрифидан сўнг барча секторлар раҳбарлари – Фарғона шаҳар ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими ҳамда шаҳар солиқ инспекцияси бошлиқлари ўз лавозимидан озод этилган эди. Мазкур сессияда Мирзоҳид Убайдуллаев Фарғона шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланган.

Бош прокурорнинг буйруғи билан Дилмурод Қобулов Фарғона шаҳрининг прокурори этиб тайинланган.

Ички ишлар вазирининг буйруғи билан подполковник Асқаров Дилмурод Фарғона шаҳар ички ишлар бўлимининг бошлиғи этиб тайинланган.

Давлат солиқ қўмитаси раисининг буйруғи билан Нуриддин Эркабоев Фарғона шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи этиб тайинланган. Сессияда барча сектор раҳбарлари кенг жамоатчиликка таништирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида бир кунда тўрт туман — Қува, Ёзёвон, Ўзбекистон ва Бағдод туманларига янги ҳокимлар тайинлангани ҳақида хабар берилган. Кейинчалик Президент ташрифидан сўнг Фарғона шаҳри раҳбарияти ишдан олингани хабар берилган.