Фарғонада Тожикистон фуқаросини дўппослаб, салкам 12 минг долларини олиб қўйган эркакларга жиноят иши қўзғатилди — фото
Фарғона вилояти Фурқат туманида 2021 йилнинг 31 январь куни Тожикистон фуқаросини дўппослаб, унинг салкам 12 000 АҚШ долларини зўрлик йўли билан қўлга киритган эркакларга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тергов департаменти матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, 31 январь куни соат 18:00 атрофида фуқаро Б.Х. чинни идишлар олди-сотдиси билан шуғулланувчи таниши — Тожикистон фуқароси С.Қ.ни Фарғона вилояти Фурқат тумани Қулбобо қишлоғида жойлашган чойхоналарининг бирига олиб келган. Бу ерда Нодир исмли шахс ва унинг икки нафар шериги билан кўришиб, тижорат масаласида гаплашиб олган.
Суҳбат якунлангандан сўнг Нодир исмли шахсга тегишли «Nexia-2» автомашинасига ўтириб, Фурқат туман Томоша қишлоғи ҳудудига етиб келган вақтида Нодир ва унинг икки нафар шериги автомашинада ўтирган С.Қ.ни машинадан тушириб, Б.Х.га ҳужум қилишган. Уни қўл ва оёқлари билан уриб, ёнида бўлган 400 АҚШ долларини олиб қўйган ва уларни Наманган вилоятида жойлашган дарё қирғоғига олиб борган.

Шундан сўнг пистолет кўринишидаги ўқотар қуролга ўхшаш предметни намойиш қилиб, С.Қ.нинг ёнида бўлган 11 600 АҚШ долларини зўрлик йўли билан қўлга киритиб, агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишса, ўлдириб юбориш билан қўрқитган. Шу билан бирга, уларни Наманган шаҳри марказига олиб бориб, Қўқон шаҳрига қатновчи автомашинага ўтказиб юборган.
Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Б.Х.да енгил тан жароҳатлари аниқланган. С.Қ.да эса бу ҳолат кузатилмаган. Мазкур ҳолат юзасидан Фурқат туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «б» банди (Босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов тезкор ҳаракатлари натижасида Нодир исмли шахс Наманган вилояти Уйчи туманида туғилган ва 39 ёшдалиги аниқланиб, процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда Н.Қ.нинг жиноий шерикларини ушлаш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Мавзуга доир: Тошкентда 9 яшар қизнинг телефонини ўмарган жуфтлик ушланди
Аввалроқ Тошкентда танишидан 100 минг сўм талаб қилиб, тан жароҳати етказган 3 нафар қиз қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.