Навоийда никоҳсиз туғилган чақалоғини 25 минг долларга сотмоқчи бўлган аёл ушланди
Навоий вилоятида 3 ойлик боласини 25 минг долларга сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Маълумотларга кўра, хатирчилик фуқаро А.И. ишлаш мақсадида Навоий шаҳрига келиб, кафелардан бирида ишлаб, ижарада яшаб юрган. 2019 йилнинг ёзида бир йигит билан яқин муносабатда бўлиб, ундан ҳомиладор бўлиб қолган. Отаси уни уриб, қишлоқда гап-сўзга қолмаслик учун болани олдириб ташлашини талаб қилган.
Аммо аёл боласини дунёга келтириб, гап сўзлардан чўчиб, ўзи яшаётган қишлоққа қайта олмаган. Шаҳарда эса ижарада яшагани, ҳеч қаерда ишламагани боис моддий жиҳатдан қийналган. У боласидан қутулиш мақсадида фарзандсизликдан қийналган К.Д.га 25 минг АҚШ долларига сотиш ниятини билдирган. К.Д. фуқаро А.И.га чақалоқ учун шу нархга баҳоланган икки хонали уй олиб беришини таклиф қилган.
А.И. Кармана тумани ҳудудида жойлашган «Қосим Шайх» жоме масжиди биноси ёнида Навоий шаҳридаги хонадоннинг кадастр ҳужжатларини олиб, чақалоқни К.Д.га топшираётган вақтида Навоий вилоят ИИБ ва Кармана туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида далилий ашёлар билан ушланган. Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судида 1987 йилда туғилган, ҳали турмушга чиқмаган А.И.га нисбатан жиноят иши кўрилиб, унга нисбатан суд ҳукми ўқилган. У Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 3-қисми «а» бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган.
Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди А.И.нинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонда эканлигини, муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини (Айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганида жазо тайинлаш) қўллаб, озодликни чеклаш жазосини тайинлаган.
Шунингдек, унга ҳар ойда бир маротаба Хатирчи тумани ИИБдан рўйхатдан ўтиб туриш, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ва Навоий вилояти ҳудудини тарк этмаслик каби қўшимча чеклашлар юклатилган.
Аввалроқ Тошкентда Туркияга фоҳишалик учун юборилаётган аёл тўхтатиб қолингани ҳақида хабар берилган эди.
