Ўзбекистонда 2021 йилда қуриладиган мактаблар сони маълум қилинди
Ўзбекистонда 2021 йилда 31 та янги мактаб қурилади, 320 таси таъмирланади. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.
Хабарга кўра, унинг ижроси 2021 йилги давлат дастурида белгиланган. Янги мактабларни қуриш, мавжудларини таъмирлашга жами 2 триллион 50 миллиард сўм ажратиш режа қилинган. Бундан ташқари, Андижон, Нурафшон, Гулистон, Навоий ва Термиз шаҳарларида Президент мактаблари қурилишига 200 миллиард сўм йўналтирилади.
Шунингдек, 16 та олий таълим муассасаси бинолари янгидан қурилади ва 19 таси таъмирланади. Ушбу мақсадларга 700 миллиард сўм ажратилмоқда. Яна 900 миллиард сўм 22 та мактабгача таълим ташкилоти биносини янгидан қуриш ва 203 тасини таъмирлашга сарфланади. 24 та соғлиқни сақлаш объектлари янгидан қурилади. Мавжуд 99 таси эса таъмирланади. Бу жами 1,4 триллион сўм эвазига амалга оширилади. Спорт объектларидан 23 таси янги қурилади, 34 таси эса таъмирланади. Бунга сарфланадиган маблағ 400 миллиард сўм этиб белгиланган. Мазкур ишлар ижроси йил давомида тегишли вазирликлар томонидан таъминланиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 4 та вилоятдаги ОТМларда тиббиёт йўналишидаги факультетлар очилиши ҳақида хабар берилган.
