Ўзбекистонда қоракўлчилик кластерларига озуқа учун ер майдонлари ажратилади
Ерлар 2021 йил 1 мартгача фойдаланишга киритиш шарти билан берилади
Ўзбекистонда қоракўлчилик кластерларига озуқа учун ер майдонлари ажратилади. Бу Президентнинг 9 февралдаги «Қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгилаб қўйилди.
Унга кўра, 2021 йил 1 мартгача қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш шарти билан берилади. Шунга мувофиқ, 2021 йил 15 февралгача 100 миллиард сўм маблағлари «Туронбанк» АТБга ажратилади. Ушбу маблағлар республика «Қоракўлчилик» уюшмаси аъзоларига 3 йил муддатгача, 1 йиллик имтиёзли давр билан Марказий банк асосий ставкасига 2 фоизлик банк маржасини қўшиш орқали тақдим этилади.
Шунингдек, 2024 йил 1 январгача Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси эгалигидаги яйловлар ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан Қўмитага ижарага берилган яйловлар учун белгиланган ер солиғи 50 фоизга камайтирилади.
Бундан ташқари, наслдор қўй ва эчкининг хориждан импорт қилинган ҳар бир эмбрионига 400 минг сўм миқдорида субсидия тақдим этилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йилда солиқ тизимида бир неча ўзгаришлар бўлиши ҳақида хабар берилганди.