Самарқандда ички ишлар органлари ходимлари кийимини кийиб юрган фуқаро қўлга тушди
Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида 4 февраль, пайшанба куни ички ишлар органлари ходимларининг дала кийимини кийиб олган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 4 февраль, пайшанба куни Каттақўрғон шаҳри ҳудудида жойлашган 7-сон Тергов ҳибсхонаси атрофида ички ишлар органлари ходимларининг дала кийимини кийиб олган шахс ИИБ ходимларида шубҳа уйғотгани сабабли ундан хизмат гувоҳномасини тақдим этиш сўралганида у гувоҳномаси йўқлигини билдирган.
Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида фуқаро Каттақўрғон шаҳар ИИБга олиб борилиб, шахсига аниқлик киритилган. Ушбу шахс Нарпай тумани Чақар қишлоғида яшовчи, 1997 йилда туғилган Ш.М экани, эгнидаги ички ишлар органлари ходимларининг дала ҳарбий кийимини тахминан 2 ой олдин 240 минг сўм эвазига тиктириб олгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, Ш.М.нинг устида бўлган ҳарбий дала кийими холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган ва унинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 209-1-моддаси (Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш)да кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати аниқланган. Шу сабабли унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судига юборилган. Ҳозирда ушбу шахснинг ҳаракатлари юзасидан қўшимча текширув ишлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир: Тошкентда ИИБ ходими кийимини кийиб, машина капотида чой ичиб кетган йигитларнинг шахси аниқланди
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарёда лайк йиғиш учун ички ишлар ходими кийимида рақсга тушган йигитга чора кўрилгани ҳақида хабар берилганди.