Савдо-саноат палатаси 2025 йилгача иссиқхона ва газ қуйиш шохобчалари қурилишига ер ажратилмаслиги тўғрисидаги қарорга қаршилик билдирди
Савдо-саноат палатаси Энергетика вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 2025 йилгача иссиқхона ва газ қуйиш шохобчалари қурилишига ер ажратилмаслиги тўғрисидаги қарорга эътироз билдирди.
Энергетика вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Ёқилғи-энергия ресурсларидан янада самарали ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилди. Лойиҳага кўра, 2025 йил 1 январгача республика ҳудудларида тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари ҳамда табиий газдан фойдаланган ҳолда қурилиш материаллари, жумладан, пишган ғишт, оҳак ва гипс ишлаб чиқариш корхоналари, иссиқхона хўжаликлари қурилишига ер участкалари ажратилишига мораторий эълон қилинади.
Савдо-саноат палатаси хулосасига асосан, қарор лойиҳасидаги ушбу таклиф етказиб бериладиган табиий газ ресурслари чеклангани ҳамда аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва иссиқлик таъминоти корхоналарига табиий газ етказиб бериш билан асослантирилган бўлса-да, аслида ушбу норма табиий газ муаммосига ечим бўла олмайди, аксинча, ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир қилади.
Шунингдек, ССП хулосасида «таклиф этилаётган тартиб амалда автотранспорт воситалари ёқилғиси, қурилиш материаллари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ошиб кетишига, озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш материаллари экспорти пасайиб кетишига олиб келади. Шунингдек, аҳоли сони ошиб бораётган бир пайтда бу норманинг белгиланиши ишсизлик муаммоларини келтириб чиқариши мумкинлиги» айтилган.
Қайд этилишича, тадбиркорлик фаолияти учун ер ажратиш масалалари Ер кодекси ҳамда Президент фармонлари билан белгилангани сабабли, юридик жиҳатдан қуйи турувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори билан бундай чеклов жорий этилиши бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга зид келиши мумкин.
Савдо-саноат палатаси иссиқхона, қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ва автомобилларга газ қуйиш шохобчалари қурилишлари учун ер ажратилишига мораторий эълон қилинишини муаммога бир томонлама ўйланган ечим, шу билан бирга, бошқа муаммоларни келтириб чиқариши мумкин деб ҳисобламоқда.
Мавзуга доир: «Газимиз учта Ўзбекистонни боқа олади» — Энергетика вазири мамлакатдаги газ истеъмоли ҳақида
Аввалроқ энергетика вазири электр энергиясини етказиб беришдаги узилишларга изоҳ бергани хабар қилинган эди. Шунингдек, табиий газни юридик шахсларга бозор тамойиллари асосида сотиш йўлга қўйилиши маълум қилинган.