Туркия 2023 йилда Ойга ракета учиришни режалаштирди
Туркия 2023 йил сўнггида маҳаллий гибрид ракетани учириш ва Ойга қўндиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Anadolu» агентлиги матбуот хизматида хабар берилди.
Хабарга кўра, бу ҳақда Ражаб Тоййиб Эрдўған 10 банддан иборат Миллий космик дастур тақдимот маросимида маълум қилган. «Дастурнинг асосий ва муҳим вазифасидан бири — мамлакатимизнинг 100 йиллигида Ой билан алоқани ўрнатиш», — дейди Эрдўған. Шунингдек, у бу дастурнинг йўл харитаси муваффақиятли амалга оширилишига умид қилмоқда. «Туркия космик саёҳат эшикларини очади», — дейди мамлакат президенти.
Бундан ташқари, Эрдўған Миллий космик дастурнинг мақсадлари қаторига янги сунъий йўлдошларни ишлаб чиқаришда дунё бўйича рақобатлаша оладиган бренд яратиш ҳам киритилганини таъкидлаган. Туркия Космик дастур доирасида минтақавий жойлашишни аниқлаш ва синхронизация тизимини яратмоқчи. Бу билан мамлакат космодром яратиш ва космосга чиқишни таъминламоқчи. Эрдўғаннинг таъкидлашича, ушбу дастурнинг яна бир мақсади космик метеорологияга сармоялар орқали мамлакатнинг космосдаги рақобатдошлигини оширишдан иборат.

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған, шунингдек, Туркияда космик технологияларни ривожлантириш зонасини яратилиши ва бу ички ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилишини айтан. Унинг сўзларига кўра, сўнгги 18 йилда Туркияда сунъий йўлдош, космик ускуналар билан боғлиқ 56 та лойиҳага 2,1 миллиард лира ажратилган. Мамлакат ҳозирда «GÖKTÜRK-3» сунъий йўлдошини режалаштириш устида иш олиб бормоқда.
Маълумот ўрнида, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған «SpaceХ» раҳбари Илон Маск билан телефон орқали суҳбат ўтказган. Улар Туркиядаги давлат ва хусусий компаниялар билан «SpaceХ»нинг турли соҳаларда, биринчи навбатда космик технологиялар ҳамда сунъий йўлдошлар қуриш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.