Тошкент вилоятида ер ажратиб олишда муаммога учраган тадбиркорнинг муаммоси ҳал этилди
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ер ажратиб олишда муаммога учраган тадбиркорнинг муаммоси ҳал қилинди. Бу ҳақда Бизнес Вакил девони матбуот хизмати «Bugun.uz»га маълум қилди.
Қайд этилишича, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонига АТИБ «Ипотека Банк» ҳудудий филиалларидан бири мижози «Норуда сервиз» МЧЖнинг (номи ўзгартирилган) қонуний манфаатларини тиклашда ёрдам беришини сўраб, мурожаат қилган.
Хабарга кўра, корхона Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасидан белгиланган тартибда Бўстонлиқ туманидаги норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш хуқуқини берувчи лицензия олган бўлишига қарамасдан, ер ажратиш тўғрисида тегишли қарор чиқариб берилмаганлиги натижасида лицензия талаблари бўйича корхонага юклатилган мажбуриятларни бажариш ва банкдан чет эл валютасида олган кредитларини қайтаришда муаммолар юзага келган.
Таъкидланишича, Вакил Девони ходимлари томонидан корхонанинг қонуний манфаатларини тиклаб беришни сўраб, туман ҳокимлиги ва ваколатли идоралар масъуллари иштирокида ўтказилган учрашувдан сўнг туман ҳокимининг ер ажратиш тўғрисида тегишли қарори қабул қилинган. Шунингдек, корхона томонидан қўшимча иш ўринларини яратган ҳолда ажратиб берилган ҳудудда фаолиятини давом эттирилиши таъминланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда тадбиркорлар томонидан 3 минг гектардан ортиқ ер ўзбошимчалик билан эгаллангани маълум бўлганди. Шунингдек, Зангиотада салкам 28 минг долларга яширинча ер сотмоқчи бўлган шахс қўлга тушгани ҳақида хабар берилган.