Коронавирус штаммлари янги пандемияга сабаб бўладими? Мутахассис жавоб берди
Тиббиёт фанлари номзоди, Россия халқлар дўстлиги университетининг (РХДУ) юқумли касалликлар кафедраси доценти Сергей Вознесенский 11 февраль, пайшанба куни «РИА Новости»га берган интервьюсида коронавирус штаммлари янги пандемияга сабаб бўлмаслигини маълум қилди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, SARS-CоV-2’нинг ҳар қандай штаммидан қатъи назар, коронавирусга қарши антитаначалар эгасини юқори даражада ҳимоя қила олади. Шу боис ҳозирда CОVID-19’нинг янги мутациялари сабаб яна бир пандемия пайдо бўлиши хавфи йўқ.
Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳам янги коронавирус штаммларининг тарқалиши янги пандемияга олиб келмаслигини айтганди.
«Коронавируснинг янги штаммлари жуда тез пайдо бўляпти, деярли ҳар ҳафта янги штамм юзага келганлиги ҳақида эшитяпмиз. Айни пайтда ушбу штаммлар бир-биридан тубдан фарқ қилади деган ягона фикр йўқ. Яъни, агар одам коронавируснинг бир штаммига чалинган бўлса, антитаначаларнинг уни бошқа штаммлардан ҳимоя қилиш эҳтимоли жуда юқоридир. Шунинг учун ҳозирда пандемия келтириб чиқарадиган штаммнинг пайдо бўлиш эҳтимоли жуда паст», — деди Вознесенский.
Аввалроқ Буюк Британияда коронавируснинг иккита янги штамми аниқлангани хабар қилинганди.