Марказий банк январь ойидаги нақд пул айланмасига оид маълумотларни эълон қилди
Марказий банк 2021 йилнинг январь ойидаги банклар орқали нақд пул айланмасига оид маълумотларни эълон қилди.
Унинг маълумотига кўра, январь ойида банклар орқали нақд пул айланмаси 32,1 триллион сўмни ташкил этган. Бу 2020 йил январига нисбатан 7 фоизга ошган. Шунингдек, банклар кассаларига нақд пул тушумлари 17 триллион сўмни, чиқим қилинган нақд пуллар 15,1 триллион сўмни ташкил этган.

Инфографика: Марказий банк матбуот хизмати
Қайд этилишича, 2021 йилнинг январь ойида банклар кассаларидан (шу жумладан, банкоматлардан) берилган нақд пуллар 2020 йил январь ойига нисбатан 6,7 фоизга ошиши кузатилган бўлса, мазкур ҳолат, асосан, банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажмининг 1,7 триллион сўмга (1,5 баробар) ўсиши ҳисобига юзага келган. Натижада банклардан берилган нақд пуллар таркибида банк карталаридан ечиб олинган нақд маблағлар улуши 25 фоиздан 35 фоизга етган.

Инфографика: Марказий банк матбуот хизмати
Марказий банк тақдим этган маълумотларга кўра, 2021 йил январь ойида банк карталарига жами 15,9 триллион сўмлик маблағлар келиб тушиб, ушбу даврда банк карталаридаги 5,2 триллион сўмлик (32,8 фоиз) маблағлар аҳоли томонидан нақдлаштириб олинган.
Аввалроқ Ўзбекистонда хорижий валютадаги кредитлар улуши 50 фоиздан 45 фоизга пасайтирилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ипотека кредитларини ажратишда янги тартиб белгиланган.