Тошкент вилоятида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди
Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида гиёҳванд воситалар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати «Bugun.uz»га маълум қилди.
Маълум бўлишича, Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари томонидан республика ҳудудида гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланувининг олдини олиш ҳамда ушбу моддаларни сотиш ва тарқатиш билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳлар фаолиятини фош этишга қаратилган тезкор тадбир ўтказилган.
Дастлаб, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида жойлашган ресторанлардан бирининг олдида А.А. исмли шахс аввалдан келишилган гиёҳвандлик моддасининг бир қисмини, яъни, 199,73 грамм гашиш гиёҳвандлик моддасини шартли харидорга 3000 АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинган.
Шундан сўнг, ушбу шахсга хорижий давлат фуқароси томонидан гиёҳвандлик воситаси учун олиниши лозим бўлган 3000 АҚШ доллар пулларни Тошкент шаҳрида кутиб турган «Д» исмли шахсга етказиб бериши ҳақида телефон орқали кўрсатма берилгач, тезкор тадбир Тошкент шаҳар Учтепа туманида давом эттирилган. Ушбу туман ҳудудидаги кафелардан бирининг ёнига «Cobalt» русумли автотранспорт воситасини бошқариб келган фуқаро Э.Д. 3000 АҚШ долларни олаётган вақтида ушланган.

Бундан ташқари, мазкур шахснинг автотранспорт воситаси кўздан кечирилганида автомашина салони ва юкхонасида картон коробкаларга жойланган ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 100 миллион сўмлик жами 1951 қути 17 хил турдаги дори воситалари борлиги аниқланган.
Қўмита матбуот хизматининг маълумотларига кўра, жиноий фаолиятни тўлиқ фош этиш ва аввалдан келишилган гиёҳвандлик воситасини қолган қисмини аниқлаш бўйича олиб борилган тезкор тадбирлар давомида, жиноий гуруҳ аъзолари томонидан Ангрен шаҳридаги кўприк тагига яшириб кетилган 900,3 грамм гашиш гиёҳвандлик моддаси, яна бир жиноий гуруҳ аъзоси Х.Ж.нинг ижарада яшаб келаётган хонадонидан ҳам 328,65 грамм гашиш гиёҳвандлик моддаси ҳамда ишга алоқадор бўлган бошқа ашёлар аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинган.
Таъкидланишича, олиб борилган терговга қадар текширув давомида аниқланишича, юқоридаги гиёҳвандлик воситалари қўшни давлатдан ноқонуний йўллар билан олиб ўтилгани ҳамда қонунга хилоф тарзда пуллаш режалаштирилгани аниқланган.
Экспертиза хулосасига кўра, тезкор тадбирлар давомида 1 кило 428,68 грамм гашиш гиёҳвандлик моддаси ҳамда 4,21 грамм каннабис уруғи ашёвий далил сифатида олинган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилган.
Аввалроқ Фарғонада божхона ходимига салкам 10 000 доллар пора бермоқчи бўлган шахс ушлангани, Тошкентда 2 миллиард сўмлик юк машиналарини мамлакатга ноқонуний олиб кирмоқчи бўлганлар қўлга тушгани ва Тошкентда 300 миллион сўмлик велосипед шиналарини ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлганлар аниқлангани ҳақида хабар берилганди.