ХТВ пенсия ёшидаги педагогларнинг маоши бўйича юзага келаётган тушунмовчиликларга изоҳ берди
Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати пенсия ёшидаги педагогларнинг маоши бўйича юзага келаётган тушунмовчиликларга изоҳ берди.
Маълум қилинишича, вазирлик ҳамда таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси таълим муассасаларида пенсия ёшида бўлган педагогларни малака тоифалари ва лавозимлари сақлаб қолиниши, малака тоифалари ва лавозимларига мос равишда ойлик иш ҳақи тўловларини тўланиши бўйича юзага келаётган тушунмовчиликларга аниқлик киритиш мақсадида барча ҳудудий бошқармаларга кўрсатма берган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 392-сонли қарори билан тасдиқланган «Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 7-бандида аттестация сертификати муддати тугамаган пенсия ёшидаги педагогларнинг мавжуд малака тоифа ва лавозимлари таълим муассасаларида ишлаган даврида сақланиб қолиниши таъкидланган.
Юқоридаги низомнинг 79-бандига кўра, педагог кадрларнинг базавий тариф ставкалари миқдори, малака тоифаси ёки лавозими сертификат асосида белгиланади. Агар пенсия ёшидаги педагог кадрлар кейинчалик аттестацияга ўз хоҳишига кўра жалб этилиб, малака тоифаси ўзгармаган бўлса, аттестация сертификати муддати тугамаган пенсия ёшида бўлган педагогларнинг мавжуд малака тоифалари сақланиб қолинади. Шу билан бирга, малака тоифасига мос равишда иш ҳақи тўловлари амалга оширилади.
Маълумот учун, мазкур қарор кучга кирган вақтгача (2019 йил 14 май санасигача) малака тоифа сертификати амал қилиш муддати тугаган пенсия ёшида бўлган педагоглар аттестацияга охирги малака тоифаси бўйича жалб этилади ҳамда мазкур низомнинг 80-бандига асосан аттестациядан ўтгунга қадар уларга мутахассис, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли ўқитувчи лавозими бўйича ҳақ тўланади.
Аввалроқ ўқитувчи Президент қарори юзасидан вазирга ўнта савол йўллаган эди. Шунингдек, Шерзод Шерматов АҚШ ва Россиядан келган ўқитувчиларнинг маошини Ўзбекистон тўламаслиги маълум қилган.