Москвада кучли қор бўрони сабаб 10 балли тирбандлик юзага келди — фоторепортаж
Россия пойтахти Москва шаҳрида 12 февраль, жума куни оқшомида қор бўрони бошланди. Ҳаво ҳарорати 14 даражага совиб, шамол тезлиги 18 метр/секундга етди, деб хабар берди «РИА Новости».
«Фобос» гидрометеорология маркази ходимининг Александр Синенков билан суҳбатда кучли қор бўрони шанба куни ҳам давом этишини маълум қилган. Москвада ҳаво ҳарорати минус 12–14, бутун минтақада минус 11 дан 16 гача бўлади. шамол шимоли-шарқдан 6–11 метр/секунд тезликда эсади.


«Yandex.Xarita»нинг маълум қилишича, Москва вақти билан соат 16:56 да Москвада автомобиллар тирбандлиги даражаси 10 га етган. Йўллар қордан тозаланмагани учун соат 2:12 да ҳам тирбандлик 7 даражада сақланиб турган.

Брянск вилоятидаги Россия–Украина чегарасида қор ёғиши оқибатида 100 дан ортиқ юк машиналари тўпланиб қолди. Вилоят чегарасида транспорт ҳаракати қийинлашиб, чегарачилар ҳайдовчиларга Курск вилояти орқали Украинага киришни маслаҳат берди. Россия божхоналари қор ёғиши пайтида халқаро саёҳатлардан бутунлай воз кечишни тавсия қилди.

Шаҳар ҳокими Сергей Собянин соат 18:40 да коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари йўлларни қордан тозалаш ишлари бошланганини маълум қилди. Унинг айтишича, хизматчилар интенсив режимда бир сутка давомида ишлайди.




Тунги Москвада соат 3:00 тирбандлик даражаси 8 баллга етди. Кейинчалик соат 6:15 да йўл тирбандлиги 9 даражага қайтди. Калужское трассасидан марказга қараб ҳаракатланиш ва Москва ҳалқа йўлига чиқиш йўллари ёпиб қўйилди.


Тинимсиз қор ёғиши оқибатида соат 8:01 да ҳам тирбандлик даражаси 9 лигича сақланиб қолди. Москва вилоятида ноқулай об-ҳаво туфайли сариқ хавф даражаси эълон қилинди.


