Наврўз байрами арафасида Эрондан чартер рейслар йўлга қўйилади
Авиақатнов Теҳрон–Бухоро ва Теҳрон–Урганч шаҳарлари ўртасида амалга оширилади
Наврўз байрами арафасида Эрон ва Ўзбекистоннинг шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри чартер рейслар йўлга қўйилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар қилди.
Қайд этилишича, Эроннинг «Aseman Airways» авиакомпанияси тижорий директори Аҳмад Ассад ва «Persian Gulf Tourism Holding» сайёҳлик компанияси раҳбари Меҳрдад Раҳманифар Ўзбекистонга ташриф буюрган. Делегация аъзолари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Аъзамов ва транспорт вазири ўринбосари Жасур Чориев билан учрашган.
Учрашувда Наврўз байрами арафасида Теҳрон–Бухоро ва Теҳрон–Урганч шаҳарлари ўртасида чартер рейсларни ташкил қилишга доир масалалар муҳокама қилинган. Ўзбекистон томондан мазкур парвозларнинг амалга оширилиши бўйича барча турдаги имтиёз, қулайлик ва инфратузилмалар бўйича батафсил маълумот берилган.
«Шунингдек, Эронда Наврўз умумхалқ байрами арафасида кўплаб фуқаролар хориж бўйлаб оилавий саёҳатларга отланишини инобатга олган ҳолда мамлакатдаги байрам муҳити ҳамда пандемия билан боғлиқ вазият барқарорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон томон барча таклифлар қўллаб-қувватланишини маълум қилди.
Томонлар чартер рейслар муваффақиятли ўтган тақдирда, доимий авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича ҳам ўзаро ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирди. Ташриф доирасида Эрон делегацияси аъзолари Ўзбекистондаги турли соҳа вакиллари билан учрашиб, Самарқанд ва Бухоронинг туризм манзиллари бўйлаб яқиндан танишиши кутилмоқда», дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, «Aseman Airways» авиакомпанияси бош қароргоҳи Теҳронда жойлашган бўлиб, мамлакатдаги учинчи энг йирик авиакомпания саналади. Ташкилот маҳаллий йўловчиларга хизмат кўрсатиш ҳамда минтақавий халқаро хизматларни амалга оширишга ихтисослашган.
Эслатиб ўтамиз, юқоридаги янгилик Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 9 декабрдаги мамлакатда туризм соҳасини ривожлантиришга бағишланган видеоконференциясида келтирилган топшириқлар ижроси йўлида амалга оширилмоқда.
Аввалроқ Тошкент–Нур-Султон–Тошкент йўналишида авиарейслар сони кўпайтирилиши, Ўзбекистон Германия билан авиақатновларни тиклагани ҳамда Ўзбекистон бўйлаб янги авиа ҳамда темир йўл қатновлари йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилганди.