Харобалар орасидан металлом йиғиш орқали пул ишлайдиган Идлиб аҳолиси — фоторепортаж
Суриянинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Идлиб вилояти аҳолиси харобалар орасидан металлом йиғиш орқали пул ишлайди. «Аnadolu» агентлиги харобалар орасида меҳнат қилувчи Идлиб аҳолисининг меҳнат тарзи акс этган фоторепортаж тайёрлади.

Суриянинг шимоли-ғарбида ўн минглаб уйлар Асад армияси томонидан вайрон қилинган. Даръададаги воқеалардан кейин 2011 йилда Идлиб вилояти тартибсизликлар ва ҳукуматга қарши норозилик намойишлари остида қолган.

Вилоятда 2011 йил апрель ойида ҳукумат амалдорларига қуролли ҳужумлар бошланган. Июнь ойида эса Сурия хавфсизлик кучлари вилоят шарқидаги ҳудудда ҳужум пайтида 120 кишидан айрилган.

Вилоятда 2012 йилда фуқаролар уруши бошланиши билан шаҳар исёнчилар томонидан ишғол қилинган. Улар бир неча ой давомида шаҳарни назорат қилган. 2012 йил 13 мартда ҳукумат кучлари уч кунлик ҳужумдан сўнг шаҳарни эгаллаб олган. Ўша йилнинг июль ойида Идлиб вилоятининг аксар қисми яна исёнчилар назорати остида бўлган.

Жанглар оқибатида 2015 йил март ойида турли террористик гуруҳлар, шу жумладан, «Жабҳат ан-Нусра» жангарилари вилоятни эгаллаб олган.

Сурия қуролли кучлари ва иттифоқчи кучларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли 2018 йил 7 январь куни Идлиб вилоятининг жанубидаги Синжар шаҳри «Жабҳат ан-Нусра» жангарилардан озод қилинган.

Шунингдек, Туркия ва Россия ўртасидаги келишув асосида 2020 йил 6 март куни Суриянинг Идлиб минтақасида ўқ узиш тўхтатилган.

Бугунги кунда Идлиб аҳолиси харобалар орасидан металлом қидириб пул ишлайди.